❗️ССВ: Юртимизда Omicron штамми аниқланди, эҳтиёт чоралари кучайтирилади
Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, ушбу касалликка қарши зарур чоралар кўришни давом эттириш лозимлиги қайд этилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус инфекциясининг янги Omicron штаммининг кенг тарқалаётганлиги ҳақида берган баёнотига кўра, дастлаб Африкада, кейинчалик Европа ва Осиё давлатларида аниқланган.
2021 йил декабрь ойидан бошлаб АҚШ, Дания, Жанубий Корея, Буюк Британия, Россия, Исроил, Нидерландия, Франция, Япония, Ҳиндистон каби бир қатор давлатларда коронавируснинг янги Omicron штамми кенг тарқалиб, эпидемиологик вазият кескинлашиб бораётганлиги муносабати билан бир қатор қўшимча карантин чекловлари жорий этилган.
Маълум бўлишича, мамлакатимизга келган хорижий давлат фуқаросидан COVID-19нинг янги Omicron штамми жорий йилнинг 7 январь куни аниқланган.
Йиғилишда коронавирус пандемиясига қарши чоралар кўришни қатъий давом эттириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда.
Бунда, барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, ижтимоий масофани сақлаш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.
✅Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмитанинг фуқароларимизни Умра зиёратларидан қайтишларида короновирусга ПЗР ёки экспресс тестни Саудия Арабистони ҳудудида ўзбек тиббиёт ходимлари томонидан олиниши ва манфий натижасига мувофиқ кириб келишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Аҳолини тўлиқ эмлаш ва бустер доза билан эмлаш ишлари жадаллаштирилади.
Вазирлик ва идора раҳбарлари, ташкилий шаклидан қатъий назар, барча ташкилотларда ишчиларнинг эмлангандан сўнг иш жойларига киритишга рухсат берилади. Мазкур тартибни бузган ташкилот раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қатъий чора кўрилади.
Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида таътил давомида коронавирус инфекциясига қарши тўлиқ эмлаш чоралари кўрилади. Ушбу тадбирларга ОТМ раҳбарлари шахсан масъул этиб белгиланади.
❗️Шунингдек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2022 йил 15 январдан бошлаб қуйидаги тартиб жорий қилинмоқда:
хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши;
коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичга эга маълумотнома бўлмаганда, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва чегара ўтказиш пунктларида ташкил этилган коронавирус инфекциясига экспресс тест топшириши шарт.
Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларида мамлакатда амал қилаётган карантин чекловлари шароитида аҳоли саломатлигини таъминлаш, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадларини кўзда тутиб, турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.
▶️@ssvuz
▶️@ssvmatbuotkotibi