2024 йил 7 сентябрда “Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-957-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонунда мамлакатимизда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди, ушбу соҳадаги бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Айни вақтда бир қатор республика ижро этувчи ҳокимият органларининг маъмурий ислоҳотлар доирасида трансформация қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги функциялари ва вазифаларининг алоҳида вазирликларга ўтказилиши, шунингдек Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг қайта ташкил этилиши уларнинг расмий номланишини ва ваколатларини аниқлаштириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишини талаб этмоқда.
Мазкур Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг, Спорт вазирлигининг, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг номланиши ва ваколатлари, шунингдек Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг номланиши аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўрта махсус, профессионал, олий таълимни ҳамда олий таълимдан кейинги таълимни амалга оширувчи давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ташқи баҳолашнинг янги тизими жорий этилишини, кадрларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашни, шунингдек нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатлар Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида тақсимланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун олий таълим, фан ва инновациялар, мактабгача ва мактаб таълими соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга, шунингдек давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган таълим хизматларининг сифатини оширишга хизмат қилади.
Ушбу Қонун орқали қўйидаги ўзгаришлар киритилди:
- -”олий ўқув юртлари” номи ”олий таълим ташкилотлари” номига ўзгартирилди;
— “Илмий-тадқиқот муассасаларига, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларига ўқув, тажриба, нав синаш мақсадлари учун берилган ерлар ҳамда сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилмайди”;
- — “касб-ҳунар таълим муассасалари” номи “профессионал таълим ташкилотлари” номига алмаштирилди.
Қонунни тўлиқ матни билан шу ерда танишинг.
http://lex.uz/docs/5013007