Жорий йилнинг 11 июнь кун Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят ҳокимлиги, Халқ таълими бошқармаси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Тошкент вилояти бўлими, Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси, Бандлик бош бошқармаси, вилоят Халқ депутатлари Кенгашининг “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш” бўйича доимий комиссияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда онлайн брифинг ташкил этилди.
Унда 2019-2020 ўқув йилининг 9-синфни битираётган 41 715 нафар, 11-синфни тамомлаётган 35 712 нафар битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласи бўйича фикрлар билдирилди.
Жорий ўқув йили якуни бўйича ўтказилган онлайн сўровнома натижаларига кўра, 26 фоиз 9-синф битирувчилари касб-ҳунар мактабларига бориш истагини билдиргани айтиб ўтилди.
Тошкент вилояти Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Закиров Абдурасул Кабирович Тошкент вилоятида 35 та касб-ҳунар мактаби, 14 та коллеж ва 9 та техникум ўз фаолиятини бошлаши , 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар мактабларига қабули ҳамда коллеж ва техникумлар фаолияти тўғрисида маълумот берди.